Шаҳар Кенгашининг ХХI сессияси

Шаҳар ҳокимлигида 2021 йил 12 январь куни Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг йигирма биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияга Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши раиси Б. Облоқулов раислик қилди.

Сессия котиби этиб, 27-Темирйўлчи сайлов округидан депутат, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси А. Ахтамов сайланди.

Депутатлар сессия кун тартиби ва регламентини тасдиқладилар.

Кун тартибига киритилган дастлабки масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзоси, СамДУ ректори Р. Холмуродовнинг ахбороти тингланди. Ахборотчи ўз сўзида мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган муҳим вазифалар, муаммолар ва уларни ҳал этиш юзасидан белгиланаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр юритди.

Ушбу масала юзасидан депутатларда Б. Раҳмонов, М. Бобобекова ва бошқаларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ш. Эшонқулов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 декабрь куни Ўзбекистон Ёшлар форумидаги маърузасида ёшларни маданият ва санъат соҳасида олий таълим билан қамровини ошириш, ҳудудларда иқтидорли ёшларни рағбатлантириш тизимини яратиш, бу борадаги мамлакат раҳбарининг 5 та ташаббусини кенг тарғиб қилишни йўлга қўйиш ҳақидаги маърузаси муҳокама этилди. Ушбу масала доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокама этилгани боис сессия иштирокчилари ҳамда депутатларнинг фикр-мулоҳазалари эътиборга олинди.

Сессия кун тартибидаги учинчи масала юзасидан вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи И. Ҳамроевнинг Самарқанд шаҳрида транспорт соҳасида 2020 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йилда режалаштирилган вазифалар тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири Илҳом Неъматовнинг шаҳардаги секторлар ва ҳудуддаги ташкилотларнинг аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан қандай ишлаётганлиги ҳақидаги ахбороти ҳам депутатлар томонидан муҳокама этилди.

Сессия кун тартибига қўйилган ҳамда депутатлар ва иштирокчилар томонидан муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шу билан сессия ўз ишини якунлади. 

 

2015-2021 © Maked by: SAKTRM