Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг вазифалари ва функсиялари

.

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида

I Боб. Умумий қоидалар

1-модда. Маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти

Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан, шунингдек, шаҳарлар таркибига кирувчи туманлардан ташқари) халқ депутатлари кенгашлари давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидир.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими вилоят, туман ва шаҳарнинг олий мансабдор шахси бўлиб, айни бир вақтда тегишли ҳудуддаги вакиллик ва ижроия ҳокимиятини бошқаради. Вилоят ҳокими, Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордирлар. Туман, шаҳар ҳокими юқори турувчи ҳоким ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордир.

Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким вилоят, туман ва шаҳар учун умумий бўлган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш вазифалари амалга оширилишини, жойларда қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган ҳужжатлар, юқори турувчи халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимлар қарорларининг ижросини, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқаларни, аҳолини вилоят, туман ва шаҳарни бошқаришга жалб этишни таъминлайди.

Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари ва ҳокимлар Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга эга бўладилар.

2-модда. Маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти бошлиғини лавозимига тайинлаш ва лавозимдан озод этиш

Вилоят ҳокими, Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади ҳамда халқ депутатлари тегишли вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан тасдиқланади. Туман, шаҳар ҳокими вилоят ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари орасидан тайинланади ҳамда тасдиқланади.

Шаҳардаги туман, туманга бўйсунувчи шаҳар ҳокими тегишли шаҳар, туман ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади ҳамда халқ депутатлари тегишли туман, шаҳар кенгаши томонидан тасдиқланади.

Вилоят ҳокими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда шаҳар ҳокимини туман (шаҳарлар таркибига кирувчи туманлардан ташқари) ҳокимига бўйсундириш ва ягона бошқарув органлари тузиш ваколатига эга. Бу хусусдаги қарор кейинчалик халқ депутатлари вилояти Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Халқ депутатлари Кенгашларининг ва ҳокимларнинг ваколат муддати - беш йил.

3-модда. Ўзбекистон Республикасининг маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонунлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Қорақалпоғистон Республикасида халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари ва тегишли ҳокимларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу қонун ва Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари билан тартибга солинади.

4-модда. Ҳокимият вакиллик органлари ва ҳокимларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро муносабатлари

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими тегишли ҳудудда ўзини ўзи бошқаришни ривожлантиришга кўмаклашадилар, ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини йўналтириб турадилар.

5-модда. Халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимларнинг Ўзбекистон Республикаси бошқа маъмурий-ҳудудий тузилмалари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро муносабатлари

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими берилган ваколатлари доирасида умум манфаатни ифодаловчи тадбирлар ўтказиш, қўшимча корхоналар, хўжалик ташкилотлари тузиш учун, турли тармоқлар ва бошқарув соҳаларида фаолиятларни уйғунлаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг, Ўзбекистон Республикаси бошқа вилоятлари, шаҳарлари ва туманларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан шартномалар асосида ўзаро муносабатлар ўрнатишга ҳақлидирлар.

6-модда. Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким қабул қиладиган ҳужжатлар

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши қарорлар қабул қилади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими қарорлар қабул қилади ва фармойишлар чиқаради.

Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким қабул қилган ҳамда чиқарган ҳужжатлар имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради, башарти ана шу ҳужжатларда ўзга тартиб белгиланмаган бўлса.

Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ҳужжатлар вилоят, туман, шаҳар ҳудудида жойлашган барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

 

II Боб. Маҳаллий давлат ҳокимияти фаолиятининг иқтисодий асоси

7-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти фаолиятининг иқтисодий асосини ташкил этувчи мулк шакллари

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими фаолиятининг иқтисодий асосини маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг давлат мулки (коммунал мулк) ҳамда вилоят, туман ва шаҳарда мавжуд бўлиб, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга хизмат қилувчи бошқа мулк ташкил этади.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими мутлоқ Ўзбекистон Республикаси мулкида бўлган давлат мулки объектларига нисбатан ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектларни самарали жойлаштириш, табиий ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза этиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида назоратни амалга оширадилар.

Вилоят, туман, шаҳар мулкини, шунингдек вилоят, туман ва шаҳарга хўжалик юритиш учун берилган давлат мулки объектларини бошқариш тартиби ушбу қонун, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан йўлга солинади.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши, вилоят, туман, шаҳар ҳокими ўзлари идора қилаётган ҳудуддаги мулкчиликнинг турли шаклига асосланган корхоналар учун Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилмаган, тадбиркорлик ва хўжалик фаолиятини эркин юритишга тўсиқинлик қиладиган чекловларни жорий этишга ҳақли эмаслар.

8-модда. Вилоят, туман, шаҳар мулки

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши давлат мулкини чегаралаш натижасида ўзига б