Соҳибқирон боғлари

Соҳибқирон Амир Темур бунёд этган боғлар

Амир Темур бобомиз табиатни, инсонни соғломлаштириш, чўл-биёбонларни ободонлаштириш ва деҳқончиликни ривожлантириш борасида жуда кўп ҳикматли сўзларни мерос қилиб қолдирди. “...Ҳар бир шаҳарда масжидлар, мадрасалар, хонақолар, ҳаммомлар қуришни, мусофир йўловчилар учун йўл устида работни бино қилишни, дарёлар устида кўприклар қуришни буюрдим. Кимки бирон саҳрони обод қилса ёки бирон боғ кўкартирса ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, учунчи йили қонун-қоидага мувофиқ хирож йиғилсин”. 

Моваруннаҳрнинг деҳқончилик воҳаларида, хусусан, Зарафшон водийсида ўнлаб суғориш тармоқлари чиқарилиб, деҳқончилик майдонлари кенгайтирилди. Мозорот ва зиёратгоҳлар обод этилди.

Қашқадарё вилоятидаги Эски Анҳор каналини Амир Темур бобомиз Султон Боязид устидан қозонилган ғалабаси шарафига қурган.  Тарихчи Ҳофиз Абрўнинг ёзишича Амир Темур Хуросондаги Мурғоб водийсида ободончилик ва деҳқончилик ишлари хароб бўлганини кўриб, дарёдан 20 та канал қаздириб, сув чиқариб деҳқончилик ва ободончилик ишларига асос солади. Унинг топшириғи бўйича Кўҳак – Зарафшон, Амударё ва Сирдарёга кўприклар қурилди. Шунингдек, Сирдарёдан, Оҳангарондан канал қазилди. Соҳибқироннинг фармойишига кўра, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз ва Фарғонада ирригация – суғориш ишлари олиб борилди. Бундай бунёдкорликлар давлатнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилган. У узоқ Қорабоғда 42 км канал қурдирган. Озарбайжондаги Муғон шаҳрида 12 та боғ барпо этган.

Амир Темур даврида бетакрор боғлар яратилган ва уларга ўзига хос номлар қўйилган. Булар хусусидаги дастлабки маълумотлар ўтмиш тарихчилари, шоирлари, сайёҳлари асарларида учрайди. Шунингдек, Амир Темур боғлари ўрта асрлар рассомлари миниатюраларида ҳам тасвирланган. Бу боғлар тузилишига кўра икки хил бўлган:

· Чорбоғлар – геометрик (тўрт бурчак) шаклида бўлиб, ҳар томони тахминан 1 км масофага чўзилган. Саҳнидан ўтган ариқлар уларни тенг 4 қисмга ажратиб турган. Атрофидаги баланд деворларнинг ҳар бурчагида минора бўлган. Марказда Сарой жойлашган. Бундай боғларнинг дарвозалари шаҳар тарафга қаратиб қурилган.

· Тузилиши геометрик шаклда бўлмаган, табиий дарахтзор ва чакалаклар бағрида барпо этилган боғлар. Бундай боғлар ҳукмдор ов қилиши учун мўлжалланган бўлиб, асосий қисми табиий, қўл текизилмаган ҳолда сақланган. Уларнинг кичик бир қисмигагина дам олиш учун сарой ва чодирлар қурилган. Ҳовузлар қазилиб, фавворалар ўрнатилган. Бу турдаги боғларнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ниҳоятда бой бўлган.

Амир Темур боғларидан энг чиройли ва машҳурлари қуйидагилар:

· БОҒИ БАЛАНД. Соҳибқирон Самарқанд Шимолидаги Чўпонота мақбараси яқинида (ҳозирги аэропорт атрофи) набираси (Мироншоҳнинг қизи)га атаб қурдирган. Уни барпо қилишида Эрон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлар боғчилик санъати усталари ҳамда м